НАУЧНО-ПРОСВЕТИТЕЛЬСКИЙ КОМПЛЕКС ИСЛАМА КАРИМОВА

18 НОЯБРЬ – ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БАЙРОҒИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН


18.11.2021

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири – миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири — катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир”, дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун буюк ифтихор тимсоли ҳисобланади. Шунинг учун Ватан рамзлари ҳамма замонларда ҳам улуғ ва муқаддас саналганки, унинг учун одамлар жонларини фидо қилганлар. Зеро, миллий рамзларга ор-номус, шон-шараф сифатида қаралган, шу боисдан давлат рамзлари инсонларни якдилликка чорлаган, муштарак мақсад йўлида бирлаштирган. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса Амир Темурнинг давлатчилик сиёсатида салтанат рамзлари нечоғлиқ юксак мақомда бўлганидан далолат беради.

Ўзбекистон истиқлолга эришгач, энг аввало, давлатимиз рамзлари тасдиқланди. 1991 йил 18 ноябрь халқимиз ёдида ўчмас ва қутлуғ саналардан бири бўлиб қолди. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг 2-3-моддаларида  байроғимиз Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди. 

Байроқдаги янги ой — мустақиллигимизни, ўн икки юлдуз беғуборлик, донишмандлик ифодаси сифатида муқаддас Ватанимизда яшаётган инсонлар ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлашини билдиради. Оқ ранг тимсоли тинчлик, покликка дахлдордир, у кун чароғонлиги ва осмон ёритқичлари билан уйғунлашиб кетган. Мовий ранг тириклик тимсоли, яхшилик, ҳалоллик, шон-шуҳрат, садоқатни билдиради. Зеро, улуғ Соҳибқирон Амир Темурнинг байроғи ҳам мазкур рангда бўлган. Яшиллик яшариш, янгиланиш рамзи бўлиб, у она табиатимиз, мустақил давлатимиз ва юртимиз тимсолидир. Қизил чизиқлар – томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир. 

          Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, юртимиз аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий-иқтисодий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга чексиз ифтихор бахш этади.