ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Дўстликнинг азалий ришталари


11.05.2021

1994 йил 16 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Японияга жўнаб кетди. Шу куни олий мартабали меҳмон Токионинг “Ханэда” аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Мамлакатимиз раҳбари “Мицуи” компаниясининг президенти Наохика Кумаган, Япония савдо ва саноат вазири Эйтиро Хата ва мамлакат молия вазири Хиросиха Фудзииларни қабул қилди.

17 май. Президент Ислом Каримов Япониядаги расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон Олий Кенгаши билан алоқани кучайтириш бўйича махсус қўмита тузишга аҳд қилган япон парламенти ташаббускор гуруҳи аъзолари билан учрашди. Шундан кейин Япония ва россиялик журналистлар билан учрашиб, уларнинг саволларига жавоб қайтарди. Шу куни Президент Ислом Каримов Япония императори Акихито билан учрашди. Император саройида олий мартабали меҳмон шарафига зиёфат берилди. Куннинг иккинчи ярмида Президентимиз бир қанча япон компаниялари, банк ва жамғармалари раҳбарлари билан мулоқотда бўлди. Кечқурун эса Ислом Каримов Япония Бош вазири Цутому Хата билан музокара юритди. Икки мамлакат ўртасида давлатлараро муносабатлар асосига доир қўшма баёнот имзоланди.

18 май. Президент Ислом Каримов Япониядаги сафари давомида “Кейденри” иқтисодий ташкилотлар федерацияси қароргоҳида кўзга кўринган ишбилармонлар билан мулоқотда бўлди, уларга хорижий сармояларни ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистонда яратилган шарт-шароит, зарур имтиёз ва кафолатлар тўғрисида сўзлаб берди.

19 май. Японияга сафарининг сўнгги куни Президент Ислом Каримов Осако шаҳрида машҳур “Панасоник” компаниясига қарашли “Мацусита” корхонаси ва “Танабэ” дори-дармон заводини бориб кўрди.