ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуаси фаолиятининг бир йиллиги муносабати билан табрик


25.04.2018

Ҳурматли ҳамкасблар,

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев қарори билан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилганига ропппа-роса бир йил тўлди. Бу мустақил Ўзбекистон асосчиси ёрқин хотирасини абадийлаштириш ишида муҳим қадам бўлди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги" юксак мақомга эга Ёдгорлик мажмуаси олдида кенг кўламли вазифалар қўйилган. Уларнинг асосийлари Ислом Каримов ҳаёти, серқирра фаолияти ва меросини ўрганиш бўйича фундаментал ишларни тизимли асосда олиб бориш, шунингдек тегишли илмий-тадқиқот, таълим ва маънавий-маърифий фаолиятни амалга оширишдан иборатдир.

Ўтган йили Ёдгорлик мажмуаси томонидан Низомда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича катта ишлар амалга оширилди.

Катта ҳажмда фото ва видео материаллар тўпланди, шунингдек  Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ашёлар ҳисобга олинди ва таърифланди. Буларнинг барчаси бўлғуси музей коллекцияларининг асосини ташкил қилади.

Ёдгорлик мажмуаси ҳудудида республикамиз Биринчи Президенти таваллудининг 80-йиллигига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси иши йўлга қўйилди. Унга 3 ой мобайнида 80 мингдан зиёд киши, шу жумладан хорижий давлатларнинг элчилари ва хорижий делегациялар аъзолари ташриф буюрди.

Ислом Каримов номидаги Фонд билан биргаликда “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китоб-альбоми ва “Мерос ва ҳозирги замон” бюллетени тақдимоти бўйича қатор тадбирлар амалга оширилди.  Улар Ислом Абдуғаниевичнинг ҳаёти ва мустақил Ўзбекистон шаклланиши, сақланиши ва ривожланишига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи мақола ва хотиралардан иборатдир.

Ҳар икки ҳафтада Ёдгорлик мажмуаси негизида кенг жамоатчилик вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг ёрқин хотирасига бағишланган муайян мавзу бўйича учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Фанлар академияси билан биргаликда жорий йилнинг 13 апрель куни Самарқандда "Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигининг асосчиси”  мавзусида халқаро илмий конференцияси муваффақиятли ўтди.

Биринчи Президентимизнинг серқирра фаолияти ҳали ўрганилиши лозим. Ва вақтнинг ўзи унинг қандай тарихий шахс эканлигини ва суверен давлат яратишга қўшган ҳиссасини англаш имконини беради.

Умид қиламанки, ҳозирги вақтда Ёдгорлик мажмуаси музейи ва кутубхонасини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар шу йили амалий натижаларини беради.

Ҳурматли ҳамкасблар,

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни Ёдгорлик мажмуасининг бир йиллиги билан табриклайман ва барчаларингизга ва оилаларингизга тинчлик, яхшилик ва эзгу ниятлар тилайман.

 

Татьяна Акбаровна Каримова,

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов

номидаги Ёдгорлик мажмуаси Ҳомийлик кенгаши аъзоси