ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Мустақиллик йилларида баркамол авлод тарбияси


16.02.2018

2018 йил 16 февраль куни Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида “Мустақиллик йилларида баркамол авлод тарбияси”  мавзуида илмий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Биринчи Президентимизнинг сафдошлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва ўқувчилари, таниқли олимлар, мутахассислар, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ҳайкали пойига гуллар қўйиб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиришди, сўнгра Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” номли бадиий кўргазма билан танишдилар.

Сўзга чиққанлар Биринчи Президентимизнинг “Куч – билим ва тафаккурда” деган ҳикматли сўзларининг аҳамияти, ёшларга алоҳида эътибор, мустақиллик йилларида таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, оилани мустаҳкамлаш, мамлакатимиз келажаги бўлмиш фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялашда маънавий ва маърифий йўналишда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритдилар, баркамол авлод тарбиясининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини шакллантиришда Ислом Каримовнинг хизматларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Бугунги кунда ҳам ёшларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ёшларнинг таълим-тарбиясида янги босқичдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилаётгани, жумладан оила институтини, шунинг баробарида баркамол авлод тарбиясида миллий ва умуминсоний қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини кенг тарғиб этиш ва жамиятимизга сингдириш жараёнлари амалга оширилаётгани ҳаётий мисоллар орқали кўрсатиб ўтилди.

Тадбир иштирокчиларига  “Мустақиллик меъмори” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Мазкур тадбир учрашув - очиқ машғулот тарзида ўтиб, қатнашчиларда катта таассурот қолдирди ва ёшларни баркамол бўлиб вояга етишга, юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишга ундайди.