ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ислом Каримовга бағишланган маркалар тўплами чиқарилди


05.02.2018

Ислом Каримовнинг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган махсус почта маркалари тўпламига эга кляссер, яъни маркалардан иборат альбом чиқарилди. Маркалар 2018 йил 30 январда муомалага киритилган.    

Тўпламни яратиш устида “Ўзбекистон маркаси” мутахассислари 30 та турли вазирлик ва идоралар ходимлари билан бирга ишлашди. Ижодий гуруҳ лойиҳа учун мамлакатимиз тарихининг муҳим онларини очиб берувчи фотосуратларни танлаб олди. 

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти матбуот хизмати маълум қилишича, архив суратларини тўплашда Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова катта ёрдам кўрсатди. Шунингдек, фотографлар Ф.Қурбонбоев ва Р.Шарипов ҳам ўзлари туширган суратларини тақдим қилишди.

Кляссер 14 маркадан иборат кичик саҳифа ва 64 та почта маркасидан иборат 32 та занжирдан иборат. Кичик саҳифа ўртасида Ислом Каримовнинг 2011 йил август ойида Самарқандда “Шарқ тароналари” фестивали очилиши вақтидаги фотосурати жойлаштирилган. Марка занжирлари эса Оқсарой ҳудудида Ислом Каримовга ўрнатилган ҳайкал тасвирланган ягона оралиқ купонга эга.        

Кляссерда маркаларга изоҳлар ҳам киритилган.