ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ёдгорлик мажмуасида давра суҳбати бўлиб ўтди


16.01.2018

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ислом Каримовнинг 80 йиллигини нишонлаш доирасида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан бирга ташкил этилган.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди ва ўз ҳаётини мустақил давлатимиз қурилиши ва шаклланишига бахшида этган улкан давлат ва сиёсат арбобига ҳурмат бажо келтирдилар.

Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар таъкидлашича, мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов бошчилигида мутлақо янги асосда ва қисқа муддатда Қуролли кучларимиз тузилди. Ўзбекистоннинг ўз Қуролли кучлари бўлмаган. Унинг ҳудудида бир неча республикаларни қамраб олган кенг Туркистон ҳарбий округининг ҳарбий қисмлари жойлашганди. Умуман олганда, таркибидаги ҳарбий қисмларнинг жанговор қобилиятига жиддий зарар етказмаган ҳолда ўз Қуролли Кучларини яратиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди, мудофаа тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асослари шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳозирги кунда дунёда олдиндан айтиш қийин бўлган вазият ҳукм сураётган мураккаб бир шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди, Қуролли Кучларимизнинг келгусидаги қиёфасини, унинг жанговорлик ҳолатини таъминлайдиган стратегик тамойиллар ва ана шу мақсадга эришишга қаратилган кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшниларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа экани ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди.

2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, уларни босқичма-босқич замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.

Тадбирда таъкидланганидек, амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бормоқда.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотоматериаллар ва китоблар кўргазмаси билан ҳам танишдилар.