НАУЧНО-ПРОСВЕТИТЕЛЬСКИЙ КОМПЛЕКС ИСЛАМА КАРИМОВА

БУЮК ИСТИҚЛОЛ РАМЗИ


10.12.2021

1992 йил 10 декабр «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигига ҳам 29 йил тўлди. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган. Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов яратган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

         Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам. Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк давлат барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.

         Бугунги кунда халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.

         Давлат рамзлари ҳам ватанпарварлик фазилатини шакллантирувчи, шу азиз юртимизни жону дилдан севишга ундовчи муҳим воситадир. Юртимиз мустақилликка эришгач, халқимизнинг азалий орзу-истаклари, эзгу интилишлари Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Чунончи, Ватанимиз мадҳияси ҳам унинг ўзи каби азиз ва муқаддасдир. 1992 йил 10 декабр тарихимизга мустақиллигимизни мустаҳкамлаш даврининг муҳим воқелиги содир бўлган кун сифатида кирди. Ушбу санада Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонун қабул қилинди. Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат ва бунёдкорликка руҳ бағишлашга хизмат қиладиган истиқлол рамзидир.