ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Инсон қадри улуғ, хотираси муқаддас


08.05.2018

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг: “Хотира ва қадрлаш деганда биз, аввало, ўзимизни инсон сифатида англашни, одамийлик фазилатларини улуғлашни назарда тутамиз”, – деган қимматли сўзлари замирида ана шундай моҳият ётибди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йилдаги «9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида» ги  фармонига кўра Қорақолпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида Хотира майдони қад ростлади. Ҳар бир вилоятда «Мотамсаро она» ҳайкали ўрнатилиб, Ватан озодлиги ва тинчлиги учун жон берганлар номи абадийлаштирилди.

Хотира ва қадрлаш – инсон ақл-заковатининг беътакрор маънавий неъматлари, тирикликнинг азалий мезонларидир. Ҳомийлик, саховат ва ҳиммат, меҳр ва мурувват фазилатлари, хотира ва қадр тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Зеро, қалби саховатга, меҳр-муҳаббатга, шафқат ва шафоатга тўла инсонларгина ўз тарихини, аждодларини доимо хотирлайди, фидойи юртдошлари, ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган кишиларнинг қадрига етади.

Жанггоҳларда жон берган ватандошларимиз номлари муҳрланган «Хотира китоби» нинг зарҳал варақлари Ватаннинг фидойи ўғлонлари қисматидан шаҳодат беради. Мотамсаро она қиёфасида эса изтироб ва умид намоён. Бева-бечораю етим-есирлар, фарзанди йўлига кўз тиккан онаизорнинг умиду надоматлари мужассам шу биргина қиёфада.

Ушбу санани Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонлай бошлаганимизга мана 19 йил бўлди. Ўтган йиллар мобайнида  марҳумларни ёд этиш, кексалар, беморлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш нафақат ўзбеклар, балки юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элат вакиллари учун одат тусига кирди. Бинобарин ўтганлар хотираси олдида таъзим бажо келтириш, инсонни тириклик чоғида қадрлашдек ҳаётий қарашлар эл-юртимизнинг қон-қонига сингиб бораётгани тарбиявий аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида» ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида» ги қарорига кўра жангоҳларда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган барча уруш қатнашчилари ва ногиронларига 5 миллион сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти берилди. Мазкур қарорга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида уларнинг ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафарини ташкил этиш, уруш фахрийларининг хоҳишлари асосида Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги «Ўзбекистон» ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бепул юборилишини ташкил этиш мамлакат ҳукуматига вазифа сифатида юклатилди.

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи майидан 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийларини ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга - ҳар ойда бепул тақдим этиш учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган асосий турдаги озиқ-овқат ҳамда гигиена маҳсулотлари, зарур кийим-кечак ва пойабзаллар рўйхати тасдиқланди. Бу озиқ-овқат, шунингдек, гигиена маҳсулотлари "Нуроний" жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлимлари орқали яшаш жойига ҳар ойнинг 15-санасигача, зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ҳар йили 1 октябрдан кечиктирилмай ва тўлов ундирмасдан етказиб бериш назарда тутилган.

Мамлакатимиз раҳбарияти 9 май санасини кенг нишонлашда узоқ ва яқин давлатларга ўрнак бўлаётир. Ҳеч шубҳасиз, бундай тадбирлар халқимиз томонидан жуда катта миннатдорлик билан қабул қилинмоқда. Масаланинг бошқа томони ҳам борки, уни эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Иккинчи жаҳон урушида фаол қатнашиб, фашизм балосини бартараф этишда мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатган айрим мамлакатлардаги уруш қатнашчилари бугунга келиб баъзи сиёсий кучлар, калтабин давлат раҳбарларининг сиёсий ожизлиги туфайли камситилмоқда, таҳқирланмоқда, уларга «инсоният душмани» деган ёрлиқ ёпиштирилмоқда, ғалабани қўлга киритган оддий аскарга ўрнатилган ҳайкаллар бузиб ташланмоқда.

Ана шундай шароитда Ўзбекистон, ўзбек халқи анъанавий тинчликсевар сиёсатига содиқ қолмоқда. Яна бир муҳим жиҳат шуки, ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари яққол намоён бўлди. Эл-юртимиз мамлакатнинг уруш бўлаётган ғарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатга мансуб бир миллионга яқин болалар, аёллар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди.

Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, пойтахтимизда бир вақтлар “Халқлар дўстлиги” деб номланган метро бекати, санъат саройи ва кенг майдонга шу атама, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага эса Шомаҳмудовлар номи кайтарилиши, ўзбек халқининг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари яққол намоён қилмоқда. Ҳозирги кунда бу майдонда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Хотира ва қадрлаш тушунчалари тобора теран аҳамият касб этаётганининг яна бир сабаби шундаки, инсонга меҳр кўрсатиш, уни улуғлаш, қадрлаш ва эъзозлашга қаратилган ушбу аъмоллар бизни глобаллашаётган ва тез ўзгариб бораётган мураккаб давримизнинг турли таҳдидларга нисбатан сезгир ва ҳушёр бўлишга, кечаги кун жароҳатларидан сабоқ чиқаришга ундайди. Бу борада, айниқса, буюк келажак эгалари - навқирон авлод зиммасидаги масъулият ғоят каттадир.

Энг муҳими, халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам қарор топмоқда. Тарихдан сабоқ чиқариб, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни такрорламай, миллий ўзликни англаган ҳолда, музаффар аждодларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган авлоди эканимизни англаб яшаяпмиз.

Шу нуқтаи назардан, бу ёруғ ва дориломон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, мўътабар кексаларимиз дуосини олиш, тинч ҳамда осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга катта қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди. Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.

 

Шерзод Салимов,
Фарход Курбанбаев (сурат)
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий Ёдгорлик мажмуаси