ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ОҚСАРОЙ УЗРА ҚОР


14.03.2024

Мартнинг қоқ ярмида еру кўкни оқликка ўраб, яна қор ёғди. Худди иймангандек, худди баҳорнинг кечикаётганига у айбдордек, кўкламни соғинган кўнгилларни ногоҳ ўкситиб қўйиб, баайни ўнғайсиз ҳолга тушган меҳмондек ёғаётир у. Бир томондан, эртага қуёш забтига олса, бу шўрликлардан асар ҳам қолмаслигини ўйлаб, ачинасан. Бошқа тарафдан, қиш ҳам – январда бир боргина ноўрин мўралаб қўйган баҳорнинг аламини шу тарзда, иззати битса-да, кетишни хаёлига келтирмаётган ўжар-у без меҳмон тарзида олаётгандек туюлади. Ким билсин.

Оқсарой узра қор ёғди: оппоқ-оппоқ, паға-паға. Худдики унинг виқорли устунлари-ю, мағрур қуббалари – бир замонлар бу ерда кечган долғали, шу баробарда сурурли-ю кескир дамларни эслаб, бугун оқликка чулғанган замин узра – салобат билан олисларга термулиб тургандек. Ва яна... Нари борса, ҳеч қанча вақт ўтмай, бошидаги бу қорлар эриб, унинг бағри яна одамга тўлиб кетишини ҳис қилгандек...

Шууринг узра Муҳаммад Юсуфнинг сатрлари қуйилиб келаверади:

Баҳорим етгудек қўлим узатсам,

Етолмай дилимни не деб юпатсам.

Лайлакқор, азизим, ғалат байрам бу —

Кулиб кузатсамми, йиғлаб кузатсам...

Дардим жим ичимга ютайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?

 

Сўрсанг, севинчимдан ўкинчим кўпроқ,

Сендан-да кумушроқ сочимдаги оқ.

Йилим келмай туриб, йилим кетмоқда,

Кўзда табассум-у киприкда титроқ.

Мен ҳам сал шошдим-да, қайтайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?

Ҳали кўклам келади, еру қирни бойчечагу чучмомалар қоплайди. Ҳали, худо хоҳласа, байрамлар қиламиз, сумалаклар қайнатамиз. Бугунги қор эса... Шунчаки, умр бекатимизнинг маъюс бир хотиротига айланиб қолаверади.

Оқсарой узра қор ёғди: оппоқ-оппоқ, паға-паға...

 

Муаллиф: Комилжон Шамсиддинов

Фото: Темур Қурбонбоев