ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистон мустақиллиги: миллий тикланиш ва ўзликни англаш


25.06.2019

Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ тарихий саналарни нишонлаш яхши анъанага айланган.

 

1989 йил 23 июнь куни, бундан роппа роса 30 йил муқаддам мамлакатимиз тарихида муҳим аҳамиятга молик воқеа юз берган эди.

 

Шу куни Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР Компартияси МКнинг Биринчи котиби лавозимига тайинланган. Яъни у, ўша кезлари Собиқ Иттифоқ ҳудудида қабул қилинган тартиб асосида партия етакчиси сифатида республикани бошқаришга киришган.

 

Шуни таъкидлаш лозимки ўша йиллари республикадаги вазият шу қадар кескин тус олган эдики, оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволдан паймонаси тўлган халқнинг норозилиги туфайли юзага келган беқарорликлар, тартибсизликлар, миллатлараро ва этник низолар бутун мамлакат бўйлаб тарқалиши хавфи кучайиб борарди.

 

Вазиятни оқилона баҳолаган Ислом Каримов ўз салоҳиятини иқтисодий ислоҳотларни зудлик билан амалга оширишга, барча ҳудудларда, аввало қишлоқ жойларида йиғилиб қолган ижтимоий муаммоларни бартараф этишга йўналтирди.

 

Сайланган кунининг эртасигаёқ, 1989 йил 24 июнь куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида Ислом Каримов қатъийлик билан: «Биз энди эскича яшай олмаймиз, замоннинг ўзи бунга йўл қўймайди» деди, ҳамда ўз қараш ва ғоялари асосида ишлаб чиқилган, республикани ривожлантириш дастурини собитқадамлик билан амалга оширишга киришди.

 

25 июнь куни Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасида “Ўзбекистон мустақиллиги: миллий тикланиш ва ўзликни англаш” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ана шу воқеалар билан боғлиқ хотираларга кенг ўрин ажратилди. Оқсаройга ташриф буюрган меҳмонлар - Ислом Каримовнинг сафдошлари, яқин дўстлари, ўша йилларда масъул лавозимларда ишлаган инсонлар, талаба ёшлар, нодавлат ташкилотлар вакиллари, ОАВи ходимлари, Биринчи Президентимизнинг  мамлакатни жар ёқасидан қайтариб, тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишга, халқнинг бирдамлигини тиклашга эришиш йўлида кўрсатган фидойилиги, ватанпарварлиги, том маънода жасорати хусусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

 

Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова йиғилганларни самимий қутлади.

 

“Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарининг Бош муҳаррири Сафар Остонов, ИИВ академияси доценти, полковник Шариф Қобилов, Ёдгорлик мажмуаси масъул ходими, Биринчи Президентнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Георгий Крайнов, Мустақилликнинг дастлабки йилларида масъул лавозимларда ишлаган Бўритош Шодиева, ОМ Қонунчилик палатаси бўлим мудири Бурхон Рустамов, Ислом Каримовнинг сафдошлари Ўткир Зокиров, Ўткир Комилов ва бошқалар Ислом Абдуғаниевич феномени, унинг Ўзбекистон Мустақиллиги асосчиси сифатида халқаро сиёсий майдонда ва мамлакат тарихида тутган ўрни хусусида ўз қарашларини баён қилдилар. Давра суҳбати самимий хотираларга бой бўлди. Тадбир модератори- Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темир Ширинов Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевга Ислом Каримов хотирасига нисбатан кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор учун яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирди. Сўзга чиққанлар қаторида барча меҳмонларга яхши ниятлар ила самимий тилаклар изҳор этилди.

 

Тадбирда Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб тайёрланган видеофильм намойиш этилди.

Мавзуга доир тарихий фотосуратлардан иборат кўргазма ташкил этилди.

Фарход Курбонбоев олган суратлар