ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ўқувчи ёшлар билан учрашув


19.01.2018

Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 19 январь куни бўлиб ўтди.

Тадбир Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томонидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди ва Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Унда Тошкент шаҳри ва вилояти касб-ҳунар  таълими тизими ўқитувчи ва ўқувчилари, таниқли олим ва мутахассислар, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, мамлакатимиз Биринчи Президентига ҳурмат бажо келтирдилар.

Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси Т.А.Каримова, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т.Ширинов, таниқли олим ва мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти номидаги Давлат стипендияси совриндорлари ва бошқалар таъкидлаганларидек, шу йил 30 январь куни мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрда қабул қилинган қарорига мувофиқ юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Республикамизнинг барча ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат арбоблари ҳамда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирокида Ислом Каримовнинг таваллуд кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, уларда ўқувчи ёшлар фаол қатнашмоқда.  

Ватанимиз, халқимизга бутун борлиғини бахшида этиб, фидойилик кўрсатиб яшаган Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А. Каримовнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида, мустақилликка садоқатли бўлиб тарбиялашга хизмат қилиши қайд этилди. Халқимиз мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган улкан ўзгаришларни ҳақли равишда Ислом Каримов номи билан боғлайди.

Тадбир иштирокчиларига “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

В.Успенский номидаги Республика мусиқага ихтисослашган академик лицейининг халқаро танловлар ғолиблари ва иштирокчилари томонидан ўзбек халқ мусиқаси намуналари ижро этилди.