ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

4 май куни Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуасида «Хотира ва қадрлаш» кунига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.


04.05.2018

"Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият" мавзуидаги учрашув Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташаббуси билан ташкил этилди.

Ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Асаджон Ходжаев ўзининг кириш сўзида аждодларнинг хотирасига ҳурмат миллатимизнинг энг муқаддас қадриятларидан бири эканлигини таъкидлаб, хотира халқимизга эртанги кунини, истиқболини аниқ кўриш, келажагини тўғри тасаввур қилиш учун кераклиги хусусида сўз юритди.

Мавзудан келиб чиқиб, давра суҳбати Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишланди.

Тадбирда кўп йиллар Ислом Каримовнинг ёрдамчиси лавозимида ишлаган, яқин сафдоши, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг масъул ходими Георгий Крайнов, Биринчи Президентнинг Матбуот котиби сифатида фаолият юритган,  Олий Мажлис депутати  Азамат Зиё, Имом Термизий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази директори тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фаоллари, Олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси совриндорлари иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини қўлга киритиш ва мустаҳкамлаш, тарихий меросимизни, миллий қадриятларни, буюк аждодларимизнинг номларини, маънавиятимиз, маданиятимизни қайта тиклаш йўлидаги саъйи-ҳаракатларини юқори баҳоладилар.

Давра суҳбатида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб тайёрланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириб, унинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар ва «Бутун оламни жо этган юрак» кўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.