ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЭНГ КЎҲНА, ХАЛҚОНА БАЙРАМ


20.03.2024

“Халқим, етти иқлим пойини ўпар

Улуғбек, Навоий, Синоларингни,

Зурёдинг ниҳоят ҳижжалаб ўқир

Дунёга бергусиз дунёларингни”.

Бу сатрлар дилдан тилга кўчганига ҳам, миллатнинг буюк қадриятлари қатори, унинг минг йиллар оша авайлаб-асраб келаётган байрами – Наврўз яна ўша халқнинг ўзига қайтариб берилганига ҳам оз эмас, кўп эмас, 34 йил бўлди.

Яна Наврўз келди. Шунчаки келди эмас, еру кўкни уйғотиб, кўнгилларда энг инжа ҳисларни жўш урдириб, кўкламнинг хуш бўйини, соф ифорларини таратиб келди у. Қувонмай, завқланмай бўладими. Ошиқча таъкид бўлмасину, бу қувончни, бу сурурни, элнинг чинакам ўз байрамини унинг ўзига қайтарган шахс, арбоб – буюк ўзбек ўғлони Ислом Каримов эканини боз яна эслаб ўтмоқни жоиз билдик.

Ҳали мустабид тузум ҳукмрон бўлган, ҳали собиқ марказдаги генераллар шоп-шалопи билан ваҳима қўзғаб турган, ўша марказ тасарруфидаги республикаларни измидан чиқаришни хаёлига ҳам келтирмаган бир даврда – Наврўз қайта тикланди. Президент Ислом Каримовнинг 1990 йил 3 майдаги фармонига мувофиқ, Наврўз – умумхалқ байрами, дея эълон қилиниб, 21 март дам олиш куни этиб белгиланди. 1991 йил 12 февраль куни эса Республикада Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ҳақидаги Фармон эълон қилинди. Бу – жасорат эмасмиди?..

Истиқлолга эришгач ҳам, унинг илк йиллари осон кечган эмас. Ўта мураккаб, сиёсий ва иқтисодий аҳвол ночоргина бўлиб турган паллаларда ҳам Наврўздек қадрият, дея куйиб-пишиш, фақат у эмас, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди ва бошқа ўнлаб буюк боболар хотирасини абадийлаштириш, меросини ўрганиш йўлидаги ишларни санаб адоғига етолмайсан. Булардан кўзланган мақсад нима эди, деган савол уйғонади-да...

Ҳа, яшанг. Айнан миллатни уйғотиш керак эди, элни бирлаштириш керак эди, халқни – буюк ғоялар, ягона мафкура йўлида сафарбар қилмоқ лозим эди. Наврўз шу улуғ вазифани ҳам уддалади. Чунки Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “минг йиллар аввал – “Авесто” даврида пайдо бўлган Наврўзи олам халқимиз учун энг кўҳна, асл миллий, шарқона янги йил дебочаси сифатида доимо соғиниб, ардоқлаб қарши оладиган, ҳар қайси уйга шодлик ва хурсандчилик олиб келиши, ўша замонлардан буён халқимизга мансуб бўлган анъана ва қадриятларни безавол сақлаб келиши билан барчамизга қадрли ва азиздир”.

Ислом Каримов Наврўзнинг маънавий аҳамиятини, унинг фалсафасини чуқур англагани боис ҳам бу масалага жиддий қараган. Ва бу улуғ байрам воситасида элни бирлаштиришнинг уддасидан чиққан ҳам. Ўтган йиллар давомида Наврўз мазмунан янада бойиди, халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланди.

Ўша йиллар фотохроникасига назар ташлаб, том маънодаги Наврўзий кайфиятни илғаш, ўз етакчиси билан байрамни нишонлаётган бахтиёр одамлар нигоҳига боқиб, айёмнинг нечоғли сурурли ўтганини сезиш қийин эмас.

Ўша сурур, ўша кайфият бугунги ўтаётган байрамларда ҳам зоҳир бўлаётгани табиий. Чунки ўзлигини англай бошлаган улус – уни кўз қорачиғидек авайлайди. Минг йиллик Наврўз эса ўзининг асрий вазифаларини адо этишда давом этмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев айтганидек: “Янги Ўзбекистон ғояси – бу 36 миллионли катта халқимизнинг азм-у қарори, унинг ҳаёт мазмунидир. Бу олижаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир”.

Биз эса, ўз навбатида, барча юртдошларимизни улуғ байрам билан қутлаб, “Юртимизга хуш келдинг, Наврўзи олам!” деймиз.

 

Ф.Қурбонбоев фотолари