ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуасига Осиё Олимпия Кенгаши ва Миллий олимпия қўмиталари халқаро ассоциацияси президенти шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабаҳ ташриф буюрди


30.04.2018

Эслатиб ўтиш жоиз, шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабаҳ 1997 ва 2015 йилларда Ислом Каримовга Осиё Олимпия Кенгаши мукофотларини топширган эди.

29 апрель куни Ёдгорлик Мажмуасида юқори мартабали меҳмон Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан учрашди ва расмий мулоқот давомида Ўзбекистон раҳбариятининг Ислом Каримов хотирасини абадийлаштиришга қаратилган саъйи ҳаракатларини юқори баҳолади.

 

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Осиё спорти тараққиётига катта ҳисса қўшган Ислом Каримовнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Ўзбек халқининг маданий мероси, миллий спорт турларидан бири – Курашнинг Осиё ўйинлари дастурига киритилгани, нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон спорти ҳаракати тарихида муҳим воқеа бўлди.

 

Бугунги кунда Кураш дунёнинг 50 дан зиёд давлатларида ривожланиб, мазкур спорт тури бўйича жаҳон беллашувлари ҳамда қитъалараро олимпия мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Ўз навбатида Татьяна Каримова Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар, хусусан «Оқсарой» қароргоҳи ҳудудида ташкил этилган Ёдгорлик мажмуаси хусусида алоҳида тўхталиб, мамлакат раҳбариятига яна бир бор ўз миннатдорлигини билдирди.

 

Осиё Олимпия Кенгаши президенти Ислом Каримов хотираси билан бевосита боғлиқ жойга қадам ранжида қилганидан мамнунлигини ҳамда Ёдгорлик мажмуаси музейини ташкил этиш ишларига ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон  Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов иштирок этдилар.