ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ОНАГА ҲАЙКАЛ ҚЎЙГАН ЮРТ


07.03.2024

Табиат, борлиқ уйғонмоқда. Қалбга сурур бахш этиб, кўнгилда фараҳбахш туйғуларни уйғотиб, баҳор кириб келди. Унинг илк айёми эса – кўкламнинг ўзидек лазиз ва суюмли бўлган – аёллар, оналар байрами!

Бу рўйи заминда онадек буюк сиймо таърифи учун ишлатилмаган ташбеҳ, ёзилмаган таъриф, битилмаган ашъор қолмагандек. Чунки ҳаммани шу мўътабар сиймо дунёга келтирган, вужудидан – вужуд, тафтидан – меҳр, юрагидан – қўр бериб, ардоқлаб вояга етказган, инсон қилиб шакллантирган. Бир қўлида бешигу, бирида дунёни тутиб турган нурли фаришталаримиз, дуогўйларимиз шаънига, очиғи, ҳар қандай таърифу тавсиф – шунчаки ғариб.

Ҳозирги дил изҳорлари – бир инсон кўнглидаги эмас, бутун бошли мамлакат аҳли юрак тубида турган гапларки, уларни бир ўзанга йўналтириб, аёл шаън- шукуҳини, оналикни қадрлашни давлат сиёсати даражасига кўтаришда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ўрни беқиёс. Мустақил давлатчилик пойдевори қўйилаётган чоғданоқ “Қанийди, имкон бўлса, бири – опам, бири – синглим, яна бири – онам бўлган бутун Ўзбекистон аёлларини бағримга сиғдира олсам”, дея ният қилган етакчи, умри поёнида, 2016 йилда ҳам “Юртимизнинг кексаю ёш барча-барча эркак зоти, мард ўғлонлари ҳақиқатан ҳам Яратганнинг мўъжизаси бўлмиш аёл сиймоси олдида, авваламбор, меҳрибон оналаримиз олдида бош эгиб, таъзим бажо келтирамиз, дея ўз туйғусини яшириб ўтирмаган жўмард инсон эди.

Албатта, булар шунчаки лутф бўлиб қолмасдан, амалда ҳам исботини топиб келди. Бутун бошли йиллар –  “Оила йили” (1998 й.), “Аёллар йили” (1999 й.), “Соғлом авлод йили” (2000 й.), “Оналар ва болалар йили” (2001 й.), “Баркамол авлод йили” (2010 й.), “Соғлом бола йили” (2014 й.), “Соғлом она ва бола йили” (2016 й.) каби номлар билан аталди, Давлат дастурлари қабул қилиниб, барча эътибор шу мақсаду маслакларга қаратилди.

Мамлакатда илк бор таъсис этилган давлат мукофоти ҳам – “Соғлом авлод учун” ордени бўлиб, у билан юзлаб аёллар тақдирланди. Истеъдодли қизлар учун “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти таъсис этилгани, бугунги кунга қадар ўн етти нафар фидойи, фаол, ташаббускор аёл давлатнинг олий мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак номга муносиб топилган.

Аёл, она зотига кўрсатилган юксак эътибор маънавий жабҳада ҳам яққол бўй кўрсатиб турдики, Ватаннинг бош тимсоллари сифатида айнан шу улуғ сиймо танланган. Бош майдонимиздаги “Мустақиллик ва эзгулик монументи”ни бутун бир мажмуага тенглаштирсак, ундаги “Бахтиёр она” ҳайкали – ана шу шодадаги гавҳардир. Бундан ташқари пойтахтда ҳамда барча вилоят ва туман марказларида барпо қилинган Хотира хиёбонларида ҳам айнан Мотамсаро онага ҳайкал ўрнатилди. Қарангки, инсон зотининг – туғилишидан тортиб, унинг хотираси қадар – онадек улуғ сиймо билан муштарак бўлиши теран англаб етилган ва буни аъмолига айлантирган юрт камдан-кам бу рўйи заминда. Бу эса, онадек буюк зотга том маънодаги ҳайкал – бу юртда яшаётган ҳар бир одамнинг, энг аввало, юрагида муқим ўрнашганини англатади!..

Онага, аёлга ҳурмат бугунги кунда ҳам давлат сиёсатининг бош мезонларидан бири бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Биз Ўзбекистонда қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради”, деган сўзлари бу борадаги сиёсат ва саъй-ҳаракатларнинг асосидир.

Фурсатдан фойдаланиб, оламни мунаввар, ҳаётимизни гўзал ва фусункор қилиб турган – онадек буюк зотларимиз, муҳтарама аёлларимиз, қадрли опа-сингилларимизни 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий табриклаймиз! Бахтимизга мудом бор бўлинг!

 Ф.Қурбонбоев фотолари