ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Япониялик бир гуруҳ ижодкорлар Ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди


06.07.2018

6 июль куни япониялик таниқли санъаткор-рокёку услубидаги анъанавий қўшиқлар ижрочиси Нанафуку Тамагава хоним бир гуруҳ ижодкорлар билан Ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. 

Япониялик меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

 

Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини томоша қилган меҳмонлар, экспозициянинг юқори даражада ташкил этилганини эътироф этиб, фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирдилар.

Европанинг бир қатор мамлакатларида ижодий сафарда бўлган япониялик санъаткорлар энди Ўзбекистонда ўз маҳоратларини намойиш этадилар.

 

Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан Ўзбекистон маданият вазирлиги ва республика Давлат консерваторияси ҳамкорлигида ташкил этилган концерт мухлисларимизга япониянинг анъанавий қўшиқчилик санъати ва кун чиқар мамлакатнинг миллий мусиқаси  билан яқиндан танишиш имконини беради.

Ўзбекистон Давлат консерваторияси доценти, республика танловларининг лауреати Розибиби Хўжаева дуторда ўзбек халқ куйларини, Нанафуку хоним миллий чолғу асбоби-сямисэнда япон халқ куйларни ижро этиши режалаштирилган.

 

Концерт 7 июль куни Республика Давлат консерваториясида бўлиб ўтади.

Ташриф доирасида япониялик меҳмонларнинг  Самарқанд шаҳрига сафари режалаштирилган.

Фарход Курбанбаев олган суратлар